УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
- Мазкур Корпоратив бошқарув кодекси (кейинги матнларда Кодекс деб юритилади) акциядорлик жамиятлари ўзининг ҳаққоний ва очиқ бизнес юритиш тарафдори эканлигини намоён қилган ҳолда ихтиёрий равишда амал қилувчи тавсиялардан иборат.
- Кодекс Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва корпоратив бошқарувнинг халқаро тамойилларига асосланган.
- Мазкур Кодекс мақсадларида корпоратив бошқарув деганда, акциядорлик жамияти фаолиятини самарали ташкил этиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорга экспорт қилиш мақсадида акциядорлик жамиятлари (кейинги матнларда АЖ деб юритилади) ижроия органи, кузатув кенгаши, акциядорлар, меҳнат жамоаси вакиллари ва бошқа манфаатдор томонлар, шу жумладан, кредиторлар ўртасида мазкур шахслар манфаати уйғунлигига эришиш тизими тушунилади.
- Кодекс АЖ бошқарув органлари ишини самарали ташкил этишнинг муҳим йўналишлари бўйича тавсиялар мажмуасидан иборат.
- Кодекс ҳисобдорлик, очиқлик, ҳаққонийлик, юксак ахлоқий тамойилларга риоя этишни ўз ичига олувчи ҳамда АЖни узоқ муддатли истиқболда барқарор ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган тегишли бошқарувнинг асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган.
- Кодекс тавсияларига риоя этиш мажбуриятини олиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
- АЖ Кодекс тавсияларини жорий этиш юзасидан ўзининг тармоқ хусусияти ҳамда фаолиятининг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда ички корпоратив хатти-ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.
- Кодекс тавсияларига риоя қилиш мажбуриятини олиш ва унга риоя этиш тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, АЖнинг интернет тармоғидаги корпоратив веб-сайти (кейинги матнларда АЖ сайти деб юритилади) ва фонд биржаси сайтида, шунингдек, қонун ҳужжатларида ахборотларни ошкор қилиш назарда тутилган бошқа манбаларда амалга оширилади.
- Кодекс тавсияларини жорий этишга тайёргарлик кўриш, уни жорий этиш ва мониторинг қилишдаги ҳаракатлар кетма-кетлиги 1-иловада келтирилган.
- АЖ Кодекс тавсияларига риоя этиш мажбуриятини олиши тўғрисидаги ахборотни 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ хабарни эълон қилиш йўли билан ошкор этади.
- Кодекснинг муайян тавсияларига риоя этиш имкони мавжуд бўлмаганда, АЖ “comply or explain” (риоя қил ёки тушунтир) халқаро тамойилига риоя қилган ҳолда унинг сабабларини тўлиқ ошкор этади.
- ФАОЛИЯТ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ
- Фаолият очиқлигини таъминлаш мақсадида АЖ:
ахборотларни махфий ахборотлар, тижорат сирлари ва акциялар нархининг ўзгаришига таъсир этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар тоифасига киритишнинг аниқ мезонларини белгилайди;
ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларнинг АЖ сайти ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбаларда инглиз, рус ва акциядор ҳамда бошқа манфаатдор томонларга, шу жумладан, хорижий инвесторларга қулай бўлган бошқа тилларга таржимаси билан биргаликда эълон қилинишини таъминлайди;
акциядорларнинг умумий йиғилишида ижроия органининг мукофот ва компенсациялари миқдорини ошкор этади;
АЖ сайтида ижроия органи ва унинг фаолияти самарадорлиги баҳоси, акциядорлик капитали таркиби (20 фоиздан зиёд акцияга эга акциядорлари) тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
тақсимлашга таклиф этилаётган соф фойда, дивидендлар миқдорининг асосланиши, уларнинг АЖ дивиденд сиёсатига мувофиқлигининг баҳоланиши, шунингдек, зарурат туғилганда соф фойданинг муайян қисмини АЖни ривожлантириш эҳтиёжларига йўналтиришнинг тушунтирилиши ва иқтисодий асосланишини эълон қилади;
акциядорлар талабига кўра имкон қадар қисқа муддат ичида акциядорлар ва инвесторларга зарур бўлган муайян (махфий ва тижорат сири бўлган ахборотлардан ташқари) ахборотларни тақдим этади.
- Ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида АЖ кузатув кенгаши ўз ичига қуйидагиларни олган “Ахборот сиёсати тўғрисида низом”ни тасдиқлайди:
АЖ томонидан очиқ ахборотларни ошкор қилиш мақсад ва принциплари;
сайтда ошкор этилиши шарт бўлган ахборотлар рўйхати, уларни ошкор этиш муддати, тартиби ва шакли, шу жумладан, улар ошкор этиладиган ахборот каналлари;
АЖ тўғрисидаги ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни эълон қилиш бўйича ижроия органининг мажбуриятлари;
бошқарув органи аъзолари, мансабдор шахслар, АЖ ишчиларининг акциядорлар ва инвесторлар, бошқа манфаатдор шахслар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ахборот алмашинув тартиби;
АЖнинг ахборот сиёсатига амал қилишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар.
- “Ахборот сиёсати тўғрисида низом” АЖ бошқарув ва назорат органлари ҳамда ходимлари томонидан риоя этилиши мажбурий бўлган ҳужжат ҳисобланади.
III. САМАРАЛИ ИЧКИ НАЗОРАТ МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ
- Самарали ички назорат механизмларини жорий қилиш мақсадида АЖ:
кузатув кенгаши тўғрисидаги низомда унинг таркибига мустақил аъзоларни киритиш талабларини акс эттиради;
кузатув кенгашига ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдам кўрсатиш (олиш) тартиби ва шартларини белгилаш ҳамда бу борада қарор қабул қилиш ҳуқуқини фақат акциядорларнинг умумий йиғилиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган доирада, бу ҳақда барча акциядорлар учун маълумотларни ошкор этган тарзда беради;
акциядорлар умумий йиғилиши қарорига асосан, ҳар йили мустақил профессионал ташкилотлар — маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда бизнес-жараёнлар ва лойиҳаларнинг АЖ ривожланиш мақсадларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказади;
АЖ самарали ички назорат тизимини жорий қилишнинг асосий мақсадини барча акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни белгилайди;
ижроия органининг аффилланган шахслар билан ва йирик битимларни мустақил амалга ошириши учун АЖнинг жорий хўжалик фаолияти билан боғлиқ битимларни аниқлаш масаласини акциядорларнинг умумий йиғилишида муҳокама қилинишини таъминлайди;
АЖнинг ички аудит хизматига ички назоратни, шу жумладан, 50 фоиздан зиёд улуши АЖга тегишли бўлган юридик шахслар билан ўтказилган операциялар устидан назоратни амалга ошириш ваколатини беради;
АЖ таркибига кирувчи ташкилотларнинг бошқарув органлари йиғилишларида ўзининг вакилларини АЖ номидан овоз бериш тартибини белгилайди;
АЖ умумий йиғилишида иштирок этувчи шахсга шундай шахс ҳисобидан ўзи тўлдирган бюллетень нусхасини олиш имконини беради;
АЖ ижро органидан мунтазам равишда жамият таркибига кирувчи корхоналар фаолияти юзасидан уларнинг тасдиқланган бизнес-режасига мувофиқ, бажарилган ишлар ва эришилган кўрсаткичлар тўғрисида ҳисобот талаб қилади;
АЖ ички назорат органи (тафтиш комиссияси ва ички аудит хизмати)нинг кузатув кенгаши, акциядорлар умумий йиғилиши, миноритар акциядорлар қўмитаси (агар мавжуд бўлса) ва акциядорлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
- АЖда самарали ички назорат тизимини жорий қилиш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши “Ички назорат тўғрисидаги низом”ни тасдиқлайди. У қуйидагилардан иборат бўлади:
АЖнинг ички назорат органи таркибига ҳамда унинг аъзолари малакасига талаблар;
ички назорат тизими тўғрисидаги ҳисобот таркиби ва уни шакллантириш регламенти;
АЖ ички назорат органи тизими самарадорлигини баҳолаш учун мустақил профессионал ташкилотлар — маслаҳатчиларни жалб қилиш тартиби;
Ички назорат органи ишини мониторинг қилиш механизмлари тавсифи, унинг аъзоларига тўланадиган компенсация ва мукофот пулларини ҳисоблаш тартиби.
- “Ички назорат тўғрисидаги низом” АЖ ходимлари, бошқарув ва назорат органи аъзолари учун риоя этилиши мажбурий бўлган ҳужжат ҳисобланади.
- АЖ “Кузатув кенгаши тўғрисидаги низом” талабларига мувофиқ, кузатув кенгаши таркибига биттадан кам бўлмаган (аммо уставда кўзда тутилган кузатув кенгаши аъзолари сонининг 15 фоизидан кам бўлмаган) мустақил аъзо киритади.
- Қуйидагилар АЖ кузатув кенгашининг мустақил аъзоси бўлиши мумкин:
(I) сўнгги беш йил мобайнида АЖ, унинг шўъба ва аффилланган корхоналарида ишламаган шахслар;
(II) АЖ, унинг шўъба ва аффилланган корхоналари акциядори бўлмаган шахслар;
(III) АЖ, унинг шўъба ва аффилланган корхоналари билан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш
ҳақининг беш минг баравари миқдоридан юқори суммага тегишли шартномага эга бўлган йирик мижозлари
ёки мол етказиб берувчилари билан боғлиқ бўлмаган шахслар;
(IV) АЖ, унинг шўъба ва аффилланган корхоналари билан хизмат кўрсатиш юзасидан шартномага эга бўлмаган шахслар;
(V) АЖ, унинг шўъба ва аффилланган корхоналари раҳбарлари бўлган ёки сўнгги беш йил мобайнида шундай лавозимларда ишлаган шахснинг оила аъзоси бўлмаган шахслар;
(VI) АЖни назорат қилувчи шахс (ёки АЖ устидан жамоа тарзида назорат олиб борувчи гуруҳ ва/ёки ташкилот аъзоси) бўлмаган шахслар;
(VII) АЖ билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома орқали боғлиқ бўлмаган ва АЖнинг соҳаси бўйича юқори турувчи ташкилоти (компания) ёки йирик акциядорининг ходими бўлмаган шахслар.
- АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ
- Акциядорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширилишини таъминлаш учун АЖ бошқарув ва назорат органлари:
АЖ сайтида ёзма ва электрон сўровларни, шу жумладан, акциядорлар ўз алоқа маълумотлари ва банк реквизитларининг ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни юбориши учун манзил кўрсатган ҳолда акциядорларга АЖ билан боғланишни енгиллаштиради;
акциядорларнинг умумий йиғилишида шахсан иштирок эта олмайдиган акциядорлар учун электрон почта орқали (электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда), шунингдек, ўз ваколатини вакилга бериш йўли билан овоз бериш ёки умумий йиғилишни видеоконференц-алоқа тарзида ўтказиш имонияти ва шароитини яратади;
АЖнинг дивидендларни ҳисоблашнинг шаффоф механизмини очиб берувчи дивиденд сиёсати тўғрисидаги низомини ишлаб чиқади;
акциядорларнинг умумий йиғилиши тўғрисидаги низомда умумий йиғилиш ўтказилгунга қадар акциядорларга кун тартиби, шу жумладан, кузатув кенгашининг умумий йиғилиш кун тартибидаги масала бўйича позицияси юзасидан зарур маълумотларни тақдим этишни назарда тутади;
саноқ комиссиясига амалий кўмак кўрсатиш ёки унинг функциясини бажариш учун мустақил экспертларни жалб этиши мумкин (масалан, инвестиция маслаҳатчиси ёки қимматли қоғозлар бозорининг бошқа профессионал иштирокчиси);
акциядорлар ва инвесторлар билан ўзаро ҳамкорлик учун масъул ходим ёки бўлинмани белгилайди;
уставда АЖнинг 1 фоиздан кам бўлмаган оддий акциялари эгаларига кузатув кенгаши мажлисини чақиришни талаб қилиш ва кун тартиби, фойдани тақсимлаш, бошқарув ва назорат органи аъзолигига уларнинг номзодини (умумий йиғилиш ўтказилгунга қадар алмаштириш имконияти билан) кўрсатиш юзасидан таклиф киритиш ҳуқуқини тақдим этади;
АЖнинг алоҳида ички ҳужжатида акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорлар учун овоз беришда уларнинг биргаликдаги позициясини шакллантириш учун акциядорлик битимини тузиш имконини назарда тутади;
АЖ маблағлари ҳисобидан миноритар акциядорлик қўмитасини таъминлаш харажатини қоплайди (миноритар акциядорлик қўмитаси тузилган тақдирда);
уставда миноритар акциядор ҳужжатларни асоссиз равишда талаб қилиш ва махфий ахборотлар, тижорат сирларини қўллаш йўли билан АЖ бошқарув органи фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини назарда тутади;
уставда қўшимча акциялар чиқарилган ҳолатда акциядорлар устав капиталидаги улушига пропорционал равишда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи назарда тутилади;
барча акциядорларга, уларнинг улуши, даромад даражаси, жинси, ирқи, дини, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар бир хил муносабатни таъминлайди;
уставда акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартиби учун таклифларни тақдим этишнинг кечроқ муддатини кўзда тутади;
ижроия органи, кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари, шунингдек, аудиторлик ташкилоти вакилининг акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида иштирок этишини таъминлайди;
кузатув кенгаши тўғрисидаги низомда кузатув кенгаши аъзоси вазифасини бажаришдан озод этилиши шартларини, АЖ кузатув кенгаши раисининг йиғилишни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолияти тартиби ва функциясини назарда тутади;
АЖ акциядорларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган бошқа зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
- АЖ акциядорларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширилишини таъминлаш учун АЖ юқорида қайд этилган тавсияларни акс эттирувчи зарур ички ҳужжатларни қабул қилади.
- УЗОҚ МУДДАТЛИ ИСТИҚБОЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН РИВОЖЛАНИШ СТРАТЕГИЯСИ ВА ВАЗИФАЛАРНИ БЕЛГИЛАШ
- Узоқ муддатли истиқболга оид ривожланиш стратегияси ва вазифаларни белгилаш учун АЖ бошқарув органи:
АЖнинг стратегик мақсади сифатида акциялар нархининг ўсишига олиб келувчи молиявий барқарорликни таъминлаш, меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот рақобатдошлигини ошириш, ишлаб чиқариш, энергия самарадорлиги ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиши, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни амалга оширишни белгилайди;
акциядорларнинг умумий йиғилишида тармоқ хусусиятининг ўзига хослиги, рақобат муҳити таҳлили, экспортга йўналтирилганлик ва тегишли соҳа, тармоқ ва ҳудудни ривожлантириш бўйича тасдиқланган давлат дастурларидан келиб чиққан ҳолда АЖнинг
5 йилдан ортиқ бўлган давр учун узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
хорижий тажрибада муваффақиятли синовдан ўтган бошқарув услублари, шу жумладан, SWOT, GAP таҳлил ва бошқа ёндашувлар, махсус дастурий маҳсулотлар ва бошқаларни кенг қўллайди;
акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган узоқ муддатли стратегия асосида қисқа муддатли (йиллик) ва ўрта муддатли (5 йилгача бўлган давр учун) бизнес-режалар ишлаб чиқади ҳамда акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки кузатув кенгашига тасдиқлаш (маъқуллаш) учун киритади;
АЖда қабул қилинган ҳар бир ривожланиш режаси бўйича белгиланган мақсадларга эришиш мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган сон ва сифат мезонларини жорий этади.
- Кузатув кенгаши ижроия органи, АЖ ички назорат органи, АЖда ташкил этилган коллегиал органлар фаолиятини мувофиқлаштиради, зарур бўлганда, АЖ ривожланиш режасини ишлаб чиқишни ташкил этиш ва унда белгиланган мақсадларга эришиш мониторинги учун экспертларни жалб этади.
- АЖ мажбурий равишда акциядорлари таркибига (қонун ҳужжатлари белгиланган ҳолатлардан ташқари) АЖни бошқариш, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорга экспорт қилишда иштирок этувчи стратегик хорижий инвесторларни жалб қилади.
- ИЖРОИЯ ОРГАНИНИНГ АКЦИЯДОРЛАР ВА ИНВЕСТОРЛАР БИЛАН ЎЗАРО САМАРАЛИҲАМКОРЛИГИНИНГ МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ
- Ижроия органининг акциядорлар ва инвесторлар билан ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмини жорий этиш учун АЖ бошқарув органлари:
АЖ акциядорлари, бошқарув ва назорат органи аъзолари ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат, ҳисобдорлик ва назорат тамойиллари асосидаги ҳамкорликни таъминлайди;
АЖ мансабдор шахслари томонидан ўз вазифаларини профессионал асосда амалга ошириш, қонун ҳужжатлари, АЖ устави ва бошқарув органи қарорларидан келиб чиқувчи барча мажбуриятларни виждонан ва оқилона бажариши тўғрисидаги талабларни жорий этади;
кузатув кенгаши аъзолиги учун номзодларга малака талаблари, шу жумладан, устав капиталида давлат улуши бўлган АЖда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази томонидан берилган корпоратив бошқарувчи малака аттестати мавжудлиги талабларини белгилайди (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари);
АЖ кузатув кенгаши қошида кузатув кенгаши, ижроия органлари аъзолари, АЖ ходимлари ва жалб этилган экспертлар (тегишли соҳа мутахассислари, соҳа олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва бошқалар)дан иборат тегишли масалалар, шу жумладан, низоли вазиятларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича қўмиталар (ишчи гуруҳлари) ташкил этади;
кузатув кенгаши йиғилишларини сўров ўтказиш йўли билан, шунингдек, видеоконференц-алоқа режимида ўтказиш ҳолатлари ва тартибини белгилайди;
акциядорлар умумий йиғилиши раиси ваколатига акциядорлар умумий йиғилишининг аудио-видео ёзуви ва интернет тармоғидаги трансляциясига рухсат бериш масаласини киритади;
кузатув кенгаши, акциядорларнинг умумий йиғилиши, АЖ устави ва ривожланиш режаси томонидан қўйилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши учун ижроия органи ваколатига кирувчи масалаларни у томонидан мустақил ҳал этиш талабини жорий этади;
АЖ мансабдор шахсларининг малакасини ўқув курслари, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш орқали оширади;
АЖ фаолиятида корпоратив қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилишга масъул бўлган ва кузатув кенгашига ҳисобот берувчи корпоратив маслаҳатчи лавозимини жорий этади;
АЖ бизнес хатарлари ва ижроия органлари жавобгарлигини суғурталайди;
кузатув кенгаши аъзоларининг мукофот пули миқдорини АЖ молиявий натижалари ва корпоратив бошқарув тизимининг мустақил баҳоланиши натижалари билан боғлайди;
акциядорларнинг умумий йиғилишида ҳисобот берувчи АЖ бошқарув ва назорат органлари маърузалари (ҳисоботлари) шакли ва мазмунига бўлган талабларни, акциядорлар умумий йиғилиши давомийлигини белгилайди;
акциядорлар вакили сифатида иштирок этувчи ижроия органи вакилларининг ижроия органига аъзолар сайлаш масаласида овоз бериш ҳуқуқини чеклаши мумкин;
уставда одатда АЖ навбатдаги акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санасини назарда тутади.
- Ижроия органининг акциядорлар ва инвесторлар билан ўзаро самарали ҳамкорлиги механизмларини жорий этиш учун АЖ юқорида қайд қилинган тавсияларни акс эттирувчи зарур ички ҳужжатларни қабул қилади.
VII. МАНФААТЛАР ҚАРАМА-ҚАРШИЛИГИ
- Манфаатлар қарама-қаршилиги билан боғлиқ вазиятлар юзага келишининг олдини олиш ва низоли вазиятларни бартараф этиш учун АЖ ўз ичига қуйидагиларни олувчи манфаатлар қарама-қаршилиги вақтида ҳаракат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади:
АЖ мансабдор шахсларининг АЖ манфаатини кўзлаб фаолият юритиш мажбурияти;
АЖ мансабдор шахслари томонидан ҳаракат ва битим амалга оширилганда ёки улар томонидан ахборот ошкор қилинганда манфаатлар қарама-қаршилигига олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;
АЖ мансабдор шахсларининг кузатув кенгашини манфаатлар қарама-қаршилиги юзага келиши тўғрисида хабардор қилиш мажбурияти;
кузатув кенгашининг рухсатисиз АЖ мансабдор шахсларининг бошқа юридик шахсларнинг бошқарув ва назорат органларида иштирок этишини тақиқлаш;
АЖ мансабдор шахслари томонидан ҳаракат ва битим амалга оширилганда ёки улар томонидан ахборот ошкор қилинганда манфаатлар қарама-қаршилигига олиб келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш;
манфаатлар қарама-қаршилиги билан боғлиқ низоли вазиятларни ҳал этишнинг, шу жумладан, уларни
ҳал этиш учун манфаатдор бўлмаган учинчи шахсни тайинлаш ёки манфаатлар қарама-қаршилигини ҳал қилиш бўйича ваколатни кузатув кенгашининг мустақил аъзоси (аъзолари)га юклашнинг батафсил регламенти.
- Манфаатлар қарама-қаршилиги вақтида ҳаракат қилиш тартиби тўғрисидаги низом акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.
VIII. НАМУНАВИЙ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАНИ ЖОРИЙ ЭТИШ
- Намунавий ташкилий тузилмани жорий этиш учун АЖда:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон Фармонида тасдиқланган намунавий ташкилий тузилмага мувофиқлик таъминланади;
ташкилий тузилмани ишлаб чиқиш ва жорий этишда АЖ фаолиятининг миқёси, тармоқ хусусияти ва йўналиши ҳисобга олинади;
АЖнинг амалдаги ташкилий тузилмаси қонун ҳужжатларида белгиланган намунавий ташкилий тузилмага мувофиқлигининг мунтазам баҳоланиши ташкил этилади;
АЖнинг бошқарув лавозимларига хорижий менежерлар номзодларининг иштирок этишига имкон яратилган ҳолда ҳар йили танловлар ўтказилади;
раҳбар лавозимларга танловлар регламенти тасдиқланиб, унда танлов эълон қилиш, танловнинг объектив мезонлари уларнинг якуни бўйича янгича фикрловчи, замонавий талабларга жавоб берувчи юқори малакага эга бўлган, шунингдек, хорижий менежерларни танлаб олиш жараёнлари баён этилади.
- Кузатув кенгаши ташкилий тузилмани ишлаб чиқиш, жорий этиш ва мунтазам баҳоланиши бўйича ишларнинг қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ тарзда амалга оширилишини мувофиқлаштиришни таъминлайди.
- АХБОРОТЛАРНИ АУДИТ ВА МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТЛАРНИНГ ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРИ АСОСИДА ЭЪЛОН ҚИЛИШ
- Ахборотларни аудит ва молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида эълон қилиш учун АЖда:
кузатув кенгаши йиллик молиявий ҳисоботларни Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига (кейинги матнларда ХМҲС деб юритилади) мувофиқ тарзда эълон қилишга ўтиш бўйича амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштиради;
АЖнинг йиллик молиявий ҳисоботларни ХМҲСга мувофиқ тарзда эълон қилишга ўтиш масалалари бўйича тафтиш комиссияси, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши аъзолари, АЖнинг масъул мансабдор шахслари ва жалб этилган экспертлар (зарур ҳолларда)дан иборат ишчи гуруҳи тузилади;
йиллик молиявий ҳисоботларни ХМҲСга ва аудитнинг халқаро стандартлари асосида эълон қилишга ўтишда малакали хизмат кўрсатиш учун аудиторлик ёки консалтинг ташкилоти жалб этилади;
аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорликда АЖнинг йиллик молиявий ҳисоботларни ХМҲСга ва аудитнинг халқаро стандартлари асосида эълон қилишга ўтишнинг босқичли алгоритми (тадбирлар режаси) ишлаб чиқилади ва кузатув кенгашининг йиғилишида тасдиқланади;
аудит ўтказиш ва молиявий ҳисоботларни тузишга жалб этилган АЖ ходимлари ХМҲС ва аудитнинг халқаро стандартлари бўйича ўқув курсларида ўқитилади;
АЖнинг йиллик молиявий ҳисоботларни ХМҲСга ва аудитнинг халқаро стандартларига мувофиқ тарзда эълон қилишга ўтиш бўйича тегишли режада кўзда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилади;
АЖнинг йиллик молиявий ҳисоботлари ХМҲСга ва аудитнинг халқаро стандартларига мувофиқ тарзда
қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда эълон қилинади.
- КОДЕКС ТАВСИЯЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ МОНИТОРИНГИ
- Кодекс тавсияларини жорий этиш мониторингини амалга ошириш учун АЖ корпоратив бошқарув тизимини баҳолашни ўтказади, бу ишни амалга ошириш учун мустақил ташкилотни жалб қилиш тавсия этилади.
- АЖда корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш йилига камида бир марта ўтказилади.
- АЖда корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш АЖга мулкий муносабат орқали боғлиқ бўлмаган ташкилот билан тегишли шартнома асосида амалга оширилади.
- АЖда корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолашни қуйидаги ташкилотлар ўтказиши мумкин:
фонд биржаси;
қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари;
штатида тегишли корпоратив бошқарувчи ёки қимматли қоғозлар бозори мутахассиси аттестати бўлган аудиторлик ташкилотлари;
аккредитациядан ўтган рейтинг агентликлари;
Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази;
Хусусийлаштириш, рақобатни ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммолари тадқиқотлари маркази.
- Корпоратив бошқарув тизимини баҳолашни ўтказиш учун мустақил ташкилотни танлаш АЖ кузатув кенгашининг қарори бўйича танлов асосида ўтказилади.
- АЖда корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази томонидан тасдиқланадиган саволнома асосида ўтказилади.
- АЖда ўтказилган корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижалари АЖ сайтида шундай баҳолашни ўтказган ташкилот хулосаси билан биргаликда эълон қилинади.
- Давлат номидан акциядор сифатида иштирок этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимликлари ва бошқа давлат ташкилотлари:
АЖда корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолашни ўтказиш учун ўз маблағи ҳисобидан мустақил ташкилотни жалб қилиш ҳуқуқига эга;
АЖда ўтказилган корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижаларини АЖ бошқарув органида улар номидан иштирок этаётган шахсларни мукофотлаш миқдорини аниқлаш учун қўллайди.
- ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
- Кодекс тавсияларига риоя қилмаслик давлат органлари томонидан чора қўлланишга олиб келмайди.
- Акциядорларнинг умумий йиғилиши АЖ мансабдор шахсларига Кодекс тавсияларига риоя этмаганлик ёки Кодексда назарда тутилган ахборотларни ошкор этмаганлик учун жавобгарлик чорасини ўрнатишга ҳақли.
- АЖда Кодекс тавсияларини жорий этиш юзасидан назорат қилишни кузатув кенгаши амалга оширади.
Корпоратив бошқарув кодексига 1-илова
Акциядорлик жамиятларига корпоратив бошқарув кодексини жорий этишга тайёргарлик кўриш ва жорий қилиш бўйича
ТАВСИЯ ЭТИЛУВЧИ ЧОРА-ТАДБИРЛАР
Босқичлар |
Субъектлар |
Тадбирлар |
Бажарилиш муддатлари |
1-босқич Тайёргарлик |
АЖ ижроия органи |
1. Корпоратив бошқарув кодексини жорий этишга тайёргарлик кўриш бўйича ишчи гуруҳини ташкил этиш. |
Корпоратив бошқарув кодексини қабул қилгандан кейин бир ой мобайнида |
АЖ ижроия органи |
2. Ички ҳужжатларни қабул қилиш юзасидан кузатув кенгаши кўриб чиқиши учун таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш. |
Ишчи гуруҳи ташкил этилгандан сўнг икки ой мобайнида |
|
АЖ кузатув кенгаши |
3. Ишлаб чиқилган ички ҳужжатларнининг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши. |
Материалларнинг кузатув кенгашига тақдим этилган санасидан бошлаб бир ой мобайнида |
|
2-босқич Жорий этиш |
АЖ кузатув кенгаши |
1. Акциядорларнинг умумий йиғилишига корпоратив бошқарув кодекси тавсияларига риоя қилиш масаласини киритиш ва хабар бериш шаклини тасдиқлаш |
Кузатув кенгаши томонидан маъқуллангандан кейин бир ой мобайнида |
АЖ кузатув кенгаши |
2. Корпоратив бошқарув кодекси тавсияларига риоя қилиш ва хабар бериш шаклини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорнинг акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши. |
Кузатув кенгаши томонидан чақирилган акциядорларнинг тегишли умумий йиғилишида |
|
АЖ ижроия органи |
3. Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган АЖда корпоратив бошқарув кодекси тавсияларига риоя қилиш тўғрисидаги хабарни эълон қилиш. |
Акциядорларнинг умумий йиғилишида тасдиқлангандан кейин 10 кун муддат ичида |
|
3-босқич Мониторинг |
АЖ ижроия органи |
1. АЖда корпоратив бошқарув тизимини баҳолашни ўтказиш учун мустақил ташкилотни танлаш учун конкурс ўтказиш. |
корпоратив бошқарув тизимини баҳолашни ўтказишдан бир ой аввал |
Мустақил ташкилот |
2. АЖда корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолашни ўтказиш ва уларнинг натижаларини кузатув кенгашига тақдим этиш |
Бир йилда камида бир марта |
|
АЖ кузатув кенгаши |
3. АЖда ўтказилган корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижаларини АЖ кузатув кенгаши йиғилишида кўриб чиқиш. |
Кузатув кенгашининг йил якунлари бўйича ўтказиладиган йиғилишида |
|
АЖ ижроия органи |
4. АЖда ўтказилган корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижаларида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича чоралар кўриш. |
Кузатув кенгаши қарорида белгиланган муддатларда |
|
АЖ кузатув кенгаши |
5. АЖда ўтказилган корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижаларини АЖнинг акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида кўриб чиқиш. |
Қонунчиликда белгиланган муддатларда |
Корпоратив бошқарув
кодексига 2-илова
Акциядорлик жамиятлари томонидан Корпоратив бошқарув кодекси тавсияларини ўз фаолиятига қабул қилганлиги тўғрисида
ХАБАР БЕРИШ ШАКЛИ
(акциядорлик жамияти номи)
“_____________” АЖ шуни маълум қиладики, акциядорлар умумий йиғилишининг “___” __________ 20__ йилдаги №____ қарори билан жамият томонидан “____” ___________20__йилдан бошлаб Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси йиғилишининг “____” ______ 201__йил №_________ баённомаси билан тасдиқланган Корпоратив бошқарув кодексига риоя қилиш мажбурияти қабул қилинди.
(Акциядорлар умумий йиғилиши қарорига асосан қўшимча маълумот)
Маълумот
Барча акциядорлик жамиятларида Корпоратив бошқарув кодексининг қоидалари ва тамойиллари устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 мартдаги ПҚ-2327-сон қарори билан ташкил этилган Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси томонидан йил давомида амалга оширилади ҳамда акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича комплекс таҳлил ва аниқ таклифлар ҳар бир молиявий йил якунлари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси йиғилишлари муҳокамасига киритилади.